2022 йилги давлат дастуридаги энергетика соҳасида соғлом рақобат муҳитини ривожлантиришга оид банд бажарилмагани маълум бўлди. Сенаторлар Энергетика вазирлигидан аҳоли токсизликдан қийналаётгани ва бу борада нималар қилинаётгани ҳақида сўради. Маълум қилинишича, электр энергияси ва табиий газга оид қонунларга ўзгартиришлар киритилмоқда.
18 ноябр куни Сенатнинг 35-ялпи мажлисида сенатор Маҳмуд Парпиев Энергетика вазирлигига одамларни қийнаётган ток муаммоси ҳақида савол қўйди. Унинг сўзларига кўра, 2022 йилги давлат дастуридаги энергетика соҳасида барча иштирокчиларга тенг имконият бериш ва нархларни шакллантиришнинг шаффоф механизмларини жорий этиш вазифаси бажарилмаган.
“Жойларда ҳудудларда бўлганимизда очиқ тан олишимиз керак, совуқ тушиши билан энергетикада таъминот етарли эмаслиги, соатлаб ток ўчишлари, газ етишмовчилиги аҳолида норозилик туғдиряпти. Газ қуйиш шохобчаларида навбатлар жуда узун. Бунга кўз юммаслигимиз керак, ўтган 9 ойда минглаб иш ўрни яратдик, Республикамиздаги тадбиркорлик субъектларининг иши 90 фоиз (ҳолатда) электр энергиясига тааллуқли. Агар энергия етарли бўлмаса тадбиркорлар фаолиятига тўсиқлар юзага келади”, – деди сенатор.
У 73-банддаги ва 74-банддаги энергетика тизимида трансформация жараёнларини жадаллаштириш вазифаси ҳам қўйилганини қўшимча қилиб, Энергетика вазирлиги вакилидан юзага келган ҳолат бўйича нималар қилинаётганини сўради.
Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев саволга жавобан ОТБ ва Жаҳон банки иштирокида 20дан ортиқ хорижий эксперт ва нуфузли консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистоннинг энергетика соҳасига оид қонунлари янги таҳрирда ишлаб чиқилаётганини айтди.
“Булар Ўзбекистон электр энергетикаси тўғрисидаги қонун ва табиий газ тўғрисидаги қонунлардир. Бундан ташқари, президентнинг электр энергияси соҳасини ислоҳ қилишнинг навбатдаги босқичлари тўғрисидаги фармони лойиҳаси Президент Администрациясига киритилди. Ушбу ҳужжат ҳам электр энергияси ва табиий газ соҳасида рақобатли бозорни шакллантириш, ушбу бозорга ўтиш босқичларини белгилаш, нархларни эркин шакллантириш ва хусусий инвестицияларни кенгроқ жалб этиш бўйича барча чораларни назарда тутди. Рақобатли бозорларни яратиш борасидаги умумий концепция доирасида ҳам энергетика бозорини яратиш ва тартибга солиш меъёрлари кўриб чиқилмоқда”, – деди вазир ўринбосари.
Шунингдек, у эски технологияларга асосланган ИЕСларни фойдаланишдан чиқариш ва янгиларини ишга тушириш бўйича 6та лойиҳа амалга оширилаётганини қўшимча қилди.
Эслатиб ўтамиз, электр энергияси муаммоларига бағишланган 16 ноябрдаги матбуот анжуманида Шерзод Хўжаев энергетика таъминотидаги кунлик талаб ва таклиф ўртасида 15 млн кВт/соат салбий тафовут борлигини айтганди.
Шунингдек, у электр токи етказиб беришдаги муаммолар ёқилғи, яъни газ етишмовчилиги билан боғлиқлигини таъкидлади.
Вазир ўринбосари ёпиқ қарор билан Саноат энергетика гуруҳига газ экспорти бўйича берилган эксклюзив ҳуқуқларга оид саволга изоҳ бера олмади. У матбуот анжуманида ушбу компания нефт ва газ конлари бериб юборилганини эса инкор этмади.
Аввалроқ, Ўзбекистонда блэкаут хавфи юзага келгани, шу сабабли Энергетика вазирлиги ток етказиб беришда чекловлар киритгани маълум қилинганди.
Вазирлик чекловларга оид журналистларнинг саволларига ҳам жавоб берди.
Манба: https://kun.uz/35543301
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
t.me/uzmetaxborotxizmati