ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
xabar.uz — Қаршидаги ҳангома: «осмондан тушган» 274 миллион сўм қарз
  • 07.11.2022
  • 229

Қарши тумани, Парвоз маҳалласидаги кўп қаватли уйларда яшовчи 54 та хонадонга нисбатан электр таъминоти корхонаси томонидан асоссиз ҳисобланган 274 миллион сўмдан ортиқ қарздорлик суд асосида бекор қилинди.

Гап шундаки, ушбу уйларда жойлашган хонадонлар электр тўловларини 50 фоиз миқдорда тўлаши белгиланган бўлсада, уларга 100 фоизлик тариф қўлланган.

Истеъмолчиларнинг мурожаатида қайд этилишича, ушбу хонадонлар электр плиталари билан жиҳозланганлиги сабабли электр таъминоти корхонаси билан белгиланган тарифнинг 50 фоизини тўлаш бўйича шартномалар тузилган ва тўловлар ҳам шу миқдорда амалга ошириб келинган. Бироқ шунга қарамасдан электр идораси истеъмолчилар билан янги шартлар асосида шартнома тузмасдан ёки шартномага ўзгартиш киритмасдан 50 фоиз тўланмаган электр энергияси учун асоссиз қарздорлик ва қарздорлик нисбатан пеня ҳисоблаган.

Оқибатда ушбу хонадонлар электр таъминоти корхонасидан 274 миллион 661 минг сўм қарз бўлиб қолган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган «Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари»нинг 152-бандида «Овқат тайёрлаш учун марказлашган ҳолда электр плиталари билан жиҳозланган кўп квартирали уй-жойлар ва ётоқхоналарда яшайдиган маиший истеъмолчилар томонидан фойдаланиладиган электр энергияси ҳақи ушбу тариф гуруҳига кирадиган амалдаги тарифнинг 50 фоизи миқдорида тўланади» деб кўрсатилган.

Ноқонуний ҳисобланган қарздорликни бекор қилиш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судига даъво аризалари киритилди. Энг қизиғи, жавобгар томон суд мажлисида иштирок этмади. Суд эса ишни сиртдан кўриб чиқди ва истеъмолчилар хонадонларига нисбатан асоссиз ҳисобланган 274 миллион 661 минг сўм қарздорликни бекор қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилди.

Шунингдек, давлат божлари ҳам жавобгардан ундириладиган бўлди.

 

Манба: https://xabar.uz/jamiyat/qarshidagi-hangoma

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

  t.me/uzmetaxborotxizmati

>