Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Энергияни тежаш тармоқлараро жамғармаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда бинолар учун тоза энергия” лойиҳасини ишлаб чиқди. У Жаҳон банкининг 143 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредити кўмагида амалга оширилади.
Лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банки гуруҳига аъзо бўлган Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА) Ўзбекистон ҳукуматига паст фоиз ставкасида, муддати 30 йил, жумладан, беш йиллик имтиёзли давр билан имтиёзли молиялаштиришни тақдим этади.
Жорий йилнинг 24-25 май кунлари Ўзбекистон Республикаси ва Халқаро тараққиёт ассоциацияси ўртасида кредит бўйича музокаралар бўлиб ўтди. Ўзбекистон делегациясига Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Азим Ахмедхаджаев, Халқаро Тараққиёт Ассоциацияси делегациясига Жаҳон банкининг минтақавий менежери Марко Мантованелли раҳбарлик қилди.
Ўзбекистоннинг қайта тикланувчи энергия манбалари салоҳиятини ошириш борасидаги етакчи мавқеини, иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни халқаро ҳамжамиятнинг фаол қўллаб-қувватлашини, шунингдек, энергия самарадорлигини ошириш бўйича улкан мақсадларни ҳисобга олган ҳолда, Жаҳон банки Ижроия директорлар кенгаши лойиҳани бир овоздан қўллаб-қувватлади ва уни амалга ошириш учун Халқаро тараққиёт ассоциациясининг имтиёзли ресурсларидан узоқ муддатли кредит ажратишни маъқуллади.
Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикасида энергия тежаш ва энергия самарадорлигини оширишга инвестицияларни жалб қилиш учун бозор рағбатларини яратишда муҳим рол ўйнаш учун мўлжалланган.
Лойиҳа мамлакатимизнинг барча ҳудудларини қамраб олади. Унинг доирасида мактабгача таълим, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш соҳаларида 800 дан ортиқ муассасани модернизация қилиш режалаштирилган.
Лойиҳанинг асосий натижаси жамоат биноларининг энергия самарадорлигини ошириш, шунингдек, энергия тежаш ва тоза энергия ишлаб чиқаришни рағбатлантирувчи лойиҳаларга инвестицияларни жалб қилиш тартиб-қоидаларини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштиришдан иборат бўлади.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати
Манба: https://t.me/minenergy_uz/5411
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати