ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
kun.uz — “Свет” ўчишлари бошланмоқда. Ижобий кутилмалар учун асослар кўп эмас
  • 31.10.2022
  • 281

Ҳаво совуқлашиши билан, одатдагидек, Kun.uz почтасига “бизда ток йўқ”, “свет ўчди” мазмунидаги мурожаатлар кўпая бошлади. Хўш, бу йилги қиш олдидан энерготизимда вазият қандай, яхши томонга ўзгариш бўлишидан умид қилса бўладими?

Фото: Kun.uz

Аввало, вазият ҳақида кенгроқ кўламда маълумот олиш мақсадида истеъмолчиларнинг электр энергиясига оид мурожаатлари билан қизиқдик. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси мурожаатлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Абдулло Абдушерозовнинг айтишича, 2022 йилнинг 9 ойида федерацияга истеъмолчилардан электр энергияси бўйича 980 та мурожаат келиб тушган.

Энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳридан – 477та. Шунингдек, Қашқадарё (76та) ва Самарқанддан ҳам (73та) кўп мурожаатлар йўлланган. Истеъмолчилар фойдасига 743 миллион сўм ундириб берилган. Таққослайдиган бўлсак, ўтган йилги айни шу йўналишдаги мурожаатлар 873 тани ташкил этган ва ўтган йилгига нисбатан бу йил 107тага кўплигини кўриш мумкин.

Инобатга олиш керакки, бу мурожаатлар нафақат таъминотдаги узилишлар, балки электр кучининг пастлиги, молиявий қарздорлик ва аҳолидан ноқонуний пул ундириш билан ҳам боғлиқ.

Электр ишлаб чиқариш 5 фоизга ошди — вазирлик

Август ойида Давлат статистика қўмитаси берган маълумотга кўра, январ-июл ойларида электр энергиясини ишлаб чиқариш кўрсаткичлари қисқарган. Бироқ Энергетика вазирлиги буни рад этиб, ишлаб чиқариш аксинча ошганини билдирганди.

Статқўм маълумотларида 2022 йил январ-июл ойларида 40 млрд 43 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, бу – ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 297 млн кВт/соат камлиги қайд этилган эди. Аммо вазирлик расмий статистикада бир қанча маълумотлар акс этмагани сабабли ишлаб чиқариш камайгандек кўринганини маълум қилди.

“Аниқ ҳисоботларга таяниб маълум қиламизки, жорий йилнинг январ-июл ойларида республика бўйича 43 млрд 250 млн кВт соат ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 млрд 177 млн кВт соат кўп (ўсиш суръати 105,3%) электр энергияси ишлаб чиқарилган”, – дейилади Энергетика вазирлиги баёнотида.

Янги ИЕСлар ишга тушди

Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Хўжаев Kun.uz'га берган интервьюсида куз-қиш мавсуми учун ИЭСларда қўшимча қувват пайдо бўлганини айтган эди.

“Бешта янги ҳамкор билан ишга туширилган ИЭСларимиз бор. Шундан учтаси Тошкент вилоятида, биттаси Бухорода, яна бири Хоразмда. Ўтган йили биз уларни деярли ишлатмадик. Худо хоҳласа, келаётган куз-қиш мавсумида уларнинг фойдасини ҳақиқатда сезамиз”, – деганди Хўжаев.

Шунингдек, Сирдарё вилояти Ховос туманида қуввати 220 МВт бўлган янги газ-поршенли иссиқлик электр станцияси қурилиши якунланмоқда. Станция яқин кунларда Ўзбекистоннинг ягона электр тармоғига уланиб, қувват узатишни бошлайди. У йилига 1,7 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга.

Куз-қиш мавсумида 7 фоиз кўпроқ электр етказиб берилади

Энергетика вазирлиги хабарига кўра, 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга жами 30,6 млрд куб метр табиий газ, 34,9 млрд киловатт/соат (ўтган куз-қиш мавсумига нисбатан 2 млрд 540 млн киловатт/соатга кўп) электр энергияси етказиб берилади.

Шунингдек, президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга 21 октябрдаги ташрифида бу қўшни мамлакатдан электр энергияси импорти бўйича шартнома имзоланди. Унга кўра, Ўзбекистон Туркманистондан йилига 4 млрд киловатт/соат электр энергияси сотиб олади.

Масъуллар олис ва бориш қийин бўлган қишлоқ ва овулларга кўмир, 168 мингдан зиёд хонадонга эса 10 693 тонна суюлтирилган газ етказиб берилишини маълум қилган.

Ортга сурилган оғриқли энергетика ислоҳоти

25 январдаги тарихий блекаут (дарвоқе, ҳукумат комиссияси бунга нима сабаб бўлгани ҳақидаги хулосасини очиқламади) ва ёздаги иссиқ сабаб рўй бераётган узилишлар энергетик тизимни ислоҳ қилиш заруратини яна ҳам аниқроқ қилиб кун тартибига чиқарган эди. Лекин айрим сабаблар туфайли ислоҳотни бошлаш режалари кейинги йил(лар)га сурилди.

Ҳукуматнинг иқтисодий блоки муҳокамага қўйган қарор лойиҳасида 2026 йилга қадар нархларни инфляция даражасида ошириб бориш ва ўша йилдан нархлар эркин шаклланадиган улгуржи бозорга ўтиш, шу билан бирга аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш учун газ ва электрга базавий норма белгилаб, тарифларни табақалаштириш таклиф қилинган эди.

Шу орқали ортиб бораётган талабни қондириш учун соҳага хусусий инвестицияларни кўпроқ жалб этиш ва инфратузилма модернизациясини тезлаштириш кўзда тутилган эди. Энергетикларнинг сўзларига кўра, бусиз тизимни “одам” қилиб бўлмайди: энергоблоклар, узатиш тармоқлари ва трансформаторларнинг катта қисми эскирган.

Мавжуд реалликдан келиб чиқсак, яқинлашаётган қишга газ ва “свет” масалаларида катта оптимизм билан қараб бўлмайди. Генерация ошаётгани, кўпроқ трансформаторлар таъмирланаётгани каби айрим ўзгаришлар йўқ эмас, лекин ўз навбатида энергияга бўлган талаб ҳажми ҳам ўз жойида қотиб турмаётганини унутмаслик лозим.

 

Мадина Очилова тайёрлади.

Манба: https://kun.uz/news/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>