Янгиликлар
НАВРЎЗ — КЎҲНА ҚАДРИЯТЛАР ТАРОВАТИ
  • 20.03.2020
  • 963

Ассалому алайкум, азиз дўстлар, ҳурматли ҳамкасблар!

Барчангизга баҳор байрами — Наврўзи олам муборак бўлсин!

Юртимизга кун сайин баҳор фаслининг таровати ёйилиб, табиат уйғонмоқда. Кўклам ҳавосидан қалбларга илиқлик югурмоқда, янгиланиш, яшариш фасли бошланди. Тун билан кун тенглашадиган шарқона янги йил — Наврўз айёми муносабати билан барча юртдошларимизни, энергетика соҳаси вакилларини, хусусан Акциядорлик жамиятимизнинг кўпсонли ишчи-ходимларини, қолаверса соҳамиз фахрийларини самимий муборакбод этаман!

Қадрли дўстлар!

Шу кунларда юртимизнинг барча гўшаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ободончилик, кўкаламзорлаштириш ишларини кўриб кўз қувонади. Азал-азалдан баҳор ва Наврўз шарофати туфайли ташкил этиладиган ҳашарлар ва бошқа хайрли тадбирларда кекса-ю ёш фаоллик билан иштирок этади.

2020 йил 14–15 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 мартдаги 136-Ф-сонли фармойишига мувофиқ ўтказилган умумхалқ ҳашарида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг ўнлаб ҳудудий филиаллари, таркибий тузилма ва подстанцияларида меҳнат фаолияти юритаётган икки мингдан зиёд ишчи-хизматчилар фаол иштирок этишди. Бир неча минг мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатлари, кўп йиллик гул қаламчалари ва гуллар экилди. Ариқлар, зовурлар тозаланди, оҳак ва бўёқ суртилди, бир сўз билан айтганда тасарруфимиздаги барча подстанциялар, ҳудудий филиаллар биноси ва ижтимоий соҳа объектлари иншоотларида ободонлаштириш ишлари олиб борилди.  

Азиз ҳамкасблар!

Маълумки, байрамлар ва турли шонли саналарда ўзига хос рағбатлантириш ишларини олиб бориш халқимизнинг азалий одатларидан биридир. Шу маънода айтадиган бўлсак, Жамиятимизнинг аҳил жамоаси баҳор айёми — Наврўзи оламни ёруғ юз, кўтаринки кайфият билан кутиб олмоқда. Акциядорлик жамиятимизда 2020 йилги режалар шараф билан бажариш асносида бундан олдинроқ амалга оширилган бир неча инвестицион лойиҳаларимиз электр энергияси таъминотининг сифати ва ишончлилигида ўз самарасини кўрсатмоқда. Юқоридагиларни ҳисобга олиб, Жамиятимизнинг барча аъзоларини Наврўз — умумхалқ байрами муносабати билан моддий рағбатлантиришга қарор қилдик.  

Бундан ташқари, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида «Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» давлат дастурини бажариш бўйича ишлаб чиқилган тадбирлар муваффақиятли амалга оширилаётганлиги алоҳида эътирофга сазовор.

Ўзингизга маълум, айни пайтда дунё халқлари, хусусан Ўзбекистон халқи ҳам маълум муддат давом этиши айтилаётган синовлар олдида турибди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил 18 март куни коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича Ўзбекистон халқига қилган мурожаатидан хабардорсиз. Бундан олдинроқ, Президент топшириғига биноан,  Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов коронавирус инфекциясининг аҳоли ўртасида кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш мақсадида шошилинч йиғилиш ўтказган эди. Йиғилишда барча давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан мажлис ҳамда бошқа тадбирлар ўтказиш вақтинчалик тўхтатилиши ҳақида топшириқ берилганди. Энергетика вазирлиги томонидан ҳам бу борада алоҳида кўрсатмалар тақдим этилди. Шу боис, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида оммавий тадбирлар вақтинча бекор қилиниб, мажлислар сони кескин қисқартирилди, филиал ва таркибий тузилмалардаги раҳбар ходимлар билан иш жараёнини масофадан туриб — видеомулоқот тарзида ўтказмоқдамиз.

Ишончимиз комилки, юқумли касалликнинг олдини олишга қаратилган карантин билан боғлиқ вазият тез орада ўз ечимини топиб, аҳил ва ҳамжиҳат халқимизнинг самарали ҳамда батартиб иш фаолияти туфайли изга тушади.

Яна бир бор барчангизни Наврўз — умумхалқ байрами билан қутлайман. Баҳор байрамингиз муборак бўлсин, азиз ҳамкасблар!

 

 

Дадажон Исақулов, «Ўзбекистон миллий
электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раиси

>