Янгиликлар
Энергетика соҳасида Ўзбекистон-Америка ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
  • 20.10.2022
  • 268

2022 йилнинг 18 октябрь куни Ўзбекистон Энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов АҚШ савдо вазири ўринбосари Марис Лаго бошчилигидаги делегация аъзолари билан музокаралар ўтказди.

Томонлар мамлакат энергетика соҳасини ислоҳ қилиш, хусусан, энергетика объектларини хусусийлаштириш, қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш режаларини муҳокама қилдилар. Хусусан, Президент фармонида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Иссиқлик электр станциялари” АЖ акцияларини оммавий жойлаштириш (ИПО) орқали босқичма-босқич хусусийлаштириш кўзда тутилгани таъкидланди.

Ўзбекистон томони “яшил” энергетикани ривожлантириш ва углерод нейтраллигига эришиш режаларини тақдим этди. 2030 йилга бориб, мамлакат электр энергиясининг камида 25 фоизини қайта тикланувчи энергия манбаларидан, жумладан 7 ГВт қуёш ва 5 ГВт шамол энергиясидан ишлаб чиқаришни мақсад қилган.

 

 

Гидроенергетикани ривожлантириш учун 142 та потенциал объектлар ўрганилиб, 54 та лойиҳа белгиланди. Шунингдек, қуввати 500 кВт гача бўлган микро ГЭСлар қуриш бўйича 200 та лойиҳа амалга оширилади.

Энергетика вазирлиги АҚШ компанияларининг ОТБ, ХМК, ЕТТБ каби нуфузли Халқаро молия институтларининг техник кўмагида ўтказиладиган электр энергиясини ишлаб чиқариш лойиҳалари бўйича тендерларда фаол иштирок этиб боришини эътироф этади.

Томонлар, шунингдек, АҚШ ижобий тажриба тўплаган қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида замонавий технологияларни қўллаш ва иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш бўйича ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилдилар.

 



 

АҚШ компанияларининг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиришга қизиқиши ортиб бораётгани “ Air Products ” лойиҳалари мисолида қайд этилди. Бундан ташқари, “GE”, “Schlumberger”, “Honeywell UOP” каби компаниялар билан ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда. Йирик энергетика лойиҳалари учун маслаҳат хизматлари “DeGolyer & MacNaughton” каби “SA” консалтинг компаниялари томонидан тақдим этилади.

Томонлар ҳамкорликнинг ушбу ва бошқа йўналишларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиб, уларни яна-да батафсил ўрганиш ва мутахассислар даражасида доимий алоқа ўрнатишга келишиб олдилар.


Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

Maнбa: https://minenergy.uz/uz/news/view/2209

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>