Янгиликлар
ЎЗБЕКИСТОНДА COVID-19 (КОРОНАВИРУС) КАРАНТИНИ ТУФАЙЛИ БАРЧА ОММАВИЙ-МАДАНИЙ ТАДБИРЛАР ВАҚТИНЧА ТЎХТАТИЛДИ
  • 16.03.2020
  • 1540

  2020 йил 15 март куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов коронавирус инфекциясининг аҳоли ўртасида кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш мақсадида шошилинч йиғилиш ўтказди. Йиғилишда коронавирус сабаб Ўзбекистондаги барча ОТМ талабалари, мактаб ўқувчилари ва мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларига 16 мартдан таътил берилди. Шунингдек...

  Коронавирус сабаб айрим чекловлар ўрнатилди:

  • Наврўз умумхалқ сайллари ўтказилмайди. Шунингдек, оммавий маросимлар, жумладан, улоқ-кўпкари, кураш ва бошқа одамлар кўп тўпланадиган тадбирлар вақтинча бекор қилинди;
  • 16 мартдан Ўзбекистоннинг чет эл давлатлари билан авиа ва автомобиль қатновлари тўхтатилди;
  • Ўзбекистон фуқароларининг чет элга чиқишлари ва чет эл фуқароларининг Ўзбекистонга кириши вақтинча тўхтатилди. Хориждаги ҳамюртларимиз мамлакатга қайтишлари мумкин бўлади, бироқ қайтгандан кейин 14 кунлик карантинда бўлишлари талаб этилади.

Фуқаролар саволларига жавоб бериш учун call-марказ ташкил этилди: қисқа рақам 1003. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ишонч рақами: +998 71-276-49-66.

  Коронавирус инфекциясининг аҳоли ўртасида кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш мақсадида Бош вазир томонидан ўтказилган шошилинч йиғилишда қуйидагилар белгиланди:

  • Тошкентдан вилоятларга қайтадиган талабаларга темир йўллари ва самолётларда 50% чегирма берилади;
  • Коронавирус вақтида фуқаролар саволларига жавоб бериш учун ягона call-марказ туну кун хизмат кўрсатади (қисқа рақам 1003);
  • Барча давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан мажлис ҳамда бошқа тадбирлар ўтказиш вақтинчалик тўхтатилади;
  • Тиббиёт ниқобларини хорижга экспорт қилиш тўхтатилади;
  • Карантин вақтида ёлғон ва текширилмаган ҳамда одамларда ваҳима уйғотадиган хабарлар тарқатадиган шахсларга нисбатан амалдаги қонунчилик доирасида жиноий жавобгарликкача бўлган чоралар кўрилади;
  • Жамоат транспортлари, автобус ва поезд бекатлари ҳар 4 соатда дезинфекция қилинади;
  • Барча давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан мажлис ҳамда бошқа тадбирлар ўтказиш вақтинчалик тўхтатилади;
  • Ҳукумат барча диний идораларга диний маросимларни ўтказишни вақтинча чеклаш бўйича мурожаат йўллаган;

  Эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган:

  • Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш, одамларнинг оммавий касалланишига олиб келса 11 млн 150 минг сўмдан 22 млн 300 минг сўмгача миқдорда жарима солиш ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (https://lex.uz/docs/111453);
  • Ўша қилмиш одамнинг ўлимига сабаб бўлса, 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади;
  • Ўша қилмиш одамларнинг ўлимига сабаб бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

  Қўшимча маълумот: Ҳукумат карантин вақтида нарх-навони асоссиз ошириш ҳолатларига қарши кескин чоралар кўради. Бунга Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда Давлат солиқ қўмитаси жалб қилинади. Озиқ-овқат ва бошқа захиралар етарли даражада ғамланган.

Агар сиз айрим инсофсиз тадбиркорлик субъектлари томонидан нархларнинг асоссиз оширилишига гувоҳ бўлсангиз, Давлат солиқ қўмитасининг (71) 244-98-98 «Ишонч телефони» ёки қисқа 1198 рақамли Сall-марказга мурожаат қилишингизни сўраймиз.

   Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти: коронавирусдан ҳимояланиш бўйича зарур тавсиялар:

  • Кўпгина вируслар, жумладан коронавирус ҳам дезинфекцияловчи эритмаларда ўлади. Шахсий гигиенага қатъий амал қилинг;
  • Қўлларингизни тез-тез ювинг. Доимий фойдаланадиган буюмларингизни ҳам тоза сақланг. Вирусни нафақат ҳаво-томчи, балки контакт усулида ҳам юқишини ҳисобга олсак, қўлларга дезинфекцияловчи, спиртли эритмалар билан ишлов бериш ҳам яхши самара беради. Телефон, клавиатура, эшик тутқичлари, лифт тугмалари, дўконлардаги аравалар тутқичлари эпидемиологик жиҳатдан хавфли бўлиши мумкин. Шунинг учун иложи борича уларни ушламасликка ҳаракат қилинг. Ушласангиз қўлингизни спиртли гель билан тозаланг, совунлаб ювинг;
  • Юз-кўзингизга ювилмаган қўлларингизни теккизишдан сақланинг. Чунки вирус нафақат бурун ёки оғиз, балки кўз шиллиқ пардалари орқали ҳам юқади;
  • Тиббий ниқобдан фойдаланинг. Ниқобларни ҳам вақти-вақти билан алмаштириб туринг. Ишлатилган ниқобни ечгач, қўлларни ювишни унутманг;
  • Аксириш ёки йўталиш вақтида оғизни қўл билан эмас, бир марталик салфетка билан ёпинг;
  • Қўл бериб сўрашиш ва қучоқлаб кўришишдан чекланинг;
  • Имкон қадар умумий овқатланиш жойларига бориб овқатланманг.

  САВОЛ: Тожсимон (коронавирус) вирус қандай йўл билан юқади?

  ЖАВОБ:  Бу вирус касалланган одамдан соғлом одамга қуйидаги ҳолатларда юқади:

  • Аксириш, йўтал ва нафас чиқариш пайтида оғиз ва бурундаги томчилар орқали;
  • Томчилар билан микробланган киши томонидан фойдаланилган жиҳозлар юзаларини ёки жисмни ушлаб, кейин ўша қўл билан кўз, бурун ёки оғизни ушлаш орқали.

  САВОЛ: Тожсимон вирусга қарши зардоб (вакцина) борми?

  ЖАВОБ: Ҳозирча бу вирусга қарши зардоб йўқ, чунки бу янги вирус бўлиб, шу пайтгача фанга маълум эмас эди. Ҳозирги кунда вакцина ишлаб чиқиш бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда.

  САВОЛ: Тожсимон вирусга қарши муолажа борми?

  ЖАВОБ: Тожсимон вирус сабабли юзага келаётган касалликка қарши бирор муайян муолажа йўқ. Лекин унинг баъзи аломатларини (симптомларини) муолажа қилиш мумкин. Шунингдек, беморга клиник муолажа қўлланилади.

  САВОЛ: Тожсимон вирусни антибиотиклар билан даволаш мумкинми?

  ЖАВОБ: Йўқ, антибиотиклар вирусларга қарши қўлланилмайди. Улар фақат бактериал инфекцияларга қарши фойда беради. Антибиотиклар тожсимон вирусдан сақланиш ёки даволаниш учун восита сифатида ишлатилмаслиги керак.

  САВОЛ: Аксириш ва йўтал натижасида ҳосил бўладиган томчилардан узоқлашиш учун қанчалик масофа сақлаш лозим?

  ЖАВОБ: Аксириш ва йўтал натижасида ҳосил бўладиган ҳаво томчиларидан четлашиш учун ўзингиз билан бошқалар орасида, айниқса юқори нафас олиш йўлларининг инфекцияланишидан азият чекаётган шахслардан тахминан 1 метр масофа сақлашингиз лозим.

  САВОЛ: Бурунни тузли эритма билан мунтазам равишда чайиб туриш тожсимон вирус юқишидан сақланишга ёрдам берадими?

  ЖАВОБ: Йўқ, бурунни тузли эритма билан мунтазам чайиш тожсимон вирусдан ҳимоя қилиши ҳақида илмий далил йўқ. Бурунни тузли эритма билан мунтазам чайишнинг шамоллашни даволашда фойдаси борлиги ҳақида далиллар бор. Лекин бурунни мунтазам чайиш нафас йўли касалликларидан сақлаши исботланмаган.

  САВОЛ: Тожсимон вирус инфекциясидан сақланиш учун оғизни ғарғара қилиб чайиш ёрдам берадими?

  ЖАВОБ: Йўқ, тожсимон вирус инфекциясидан сақланиш учун оғизни чайиш кераклиги ҳақида ҳеч қандай илмий далил йўқ.

  САВОЛ: Ўзимни тожсимон вирусдан ҳимоя қилиш учун тиббий ниқоб тақишим керакми?

  ЖАВОБ: Тиббий ниқобни тақиш нафас олиш йўли орқали юқиши мумкин бўлган баъзи касалликларнинг тарқалишини чеклашда ёрдам беради. Шу билан бирга, ниқобнинг ёлғиз ўзидангина фойдаланиш инфекцияни тўхтатиш кафолатини бермайди. Бошқа профилактика чораларини ҳам бирга қўллаш лозим. Жумладан, қўл ва нафас тизими гигиенасига риоя қилиш, ўзингиз билан нафас олиш йўлининг юқумли касалликларидан азият чекаётганлар орасида хавфсиз масофани сақлаш зарур. Энг оз масофа 1 метр ҳисобланади. Тиббий ниқобларни қўллашда исрофгарчиликка йўл қўймаслик учун Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тожсимон вирус билан касалланган, деб тахмин қилинган ёки исботланган шахслар ҳамда уларнинг парваришида турган тиббиёт ходимлари ва мулоқот қилувчиларга тиббий ниқоблардан фойдаланишни тавсия қилади.

  САВОЛ: Болалар карантинда бўлса ота-она ишдан озод қилинадими?

  ЖАВОБ: Қонунчиликда (https://lex.uz/docs/2625878) белгиланганидек, боғчада ёки 6 ёшга тўлмаган болага ўрнатилган карантин даврида болага қараш учун ота-онасидан бирига ёки оиланинг бошқа аъзосига санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан карантин белгиланган, лекин 14 календарь кунидан ошмаган муддатга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади. Бу ҳақда адлия вазирлиги ахборот хизмати маълумот берди (https://t.me/huquqiyaxborot/6670). Карантинда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёки Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ҳудудлардаги соғлиқни сақлаш бошқармаларининг рухсати асосида эпидемиолог ёки санитар врач томонидан берилиши мумкин.

  Ваҳима-саросимага берилмасдан бир-бирингизни бирдамлик ва ҳамжиҳатликка чорланг!

  Сўнгги кунларда коронавирус инфекцияси (COVID-19) дунё ҳамжамиятига жиддий хавф солиб келмоқда. Шу боис Ўзбекистонда ҳам мазкур касаллик тарқалишининг олдини олиш борасида зарур чоралар кўрилмоқда.

  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир А.Арипов бошчилигида Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши қандай чоралар кўрилаётгани бўйича комиссия йиғилиши ва оммавий ахборот воситалари учун ташкил қилинган брифингда бу борада олиб борилаётган ишлар хусусида батафсил маълумот берилиб, барча таълим муассасалари карантинга олиниши, профилактик чоралар кучайтирилиши хусусида сўз юритилди. Бу эса мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофазалаш борасида қўйилган яна бир муҳим қадамдир.

  Бироқ Ўзбекистонда ҳам коронавирус қайд этилгани хусусидаги хабар эълон қилинганига кўп вақт ўтмаган бўлса-да, айрим юртдошларимиз орасида ваҳима кучаймоқда. Шу ўринда саросимага тушиб, ваҳима қилишга асос йўқлигини таъкидламоқчимиз. Сабаби, мамлакатимизда бу борада барча зарурий чоралар кўрилган, дори воситаларининг захираси етарли. Санитария-карантин пунктларига қўшимча врачлар, тепловизор ва контактсиз термометрлар, шахсий ҳимоя воситалари ажратилиб, фаолияти самарадорлиги кучайтирилган.

  Шу боис, ваҳима ва саросимага берилмасдан Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияларига кўра санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш талаб этилади.

  Қуйида вирусдан ҳимояланиш бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг қуйидаги тавсияларига риоя қилинг:

  • Қўлингизни тез-тез совунлаб ювинг, спиртли антисептик воситалардан фойдаланинг. Айниқса, жамоат транспортидан фойдалангандан кейин;
  • Кўз, оғиз ва бурнингизни ушлашдан тийилинг, қўл бериб саломлашмасликка ҳаракат қилинг;
  • Аксирганда, йўталганда юзингизни рўмолча ёки тирсагингиз билан тўсинг;
  • Одам кўп тўпланадиган жойларга бормасликка ҳаракат қилинг. Шамоллаш ва грипп аломатлари бор одамларга яқинлашманг;
  • Иситма — янги турдаги зотилжамнинг энг асосий ва биринчи белгиларидан бири. Иситмангиз бўлса, уйдан чиқманг;
  • Иситма, йўтал, нафас олиш қийинлашиши каби белгилар намоён бўлса, шифокор ҳузурига борманг, аммо кечиктирмасдан тиббий ёрдамга телефон орқали мурожаат қилинг. Хоналарни тез-тез шамоллатиб туринг;
  • Коронавирусга оид сўнгги расмий хабарлардан бохабар бўлиб туринг. Янгиликларни ишончли, расмий манбалардан олишга эътибор қаратинг.

  Ўйлаймизки, кўпмиллатли халқимиз билан биргаликда изчил ҳаракатларни амалга ошириб, ушбу синовдан юзимиз ёруғ чиқамиз. Албатта, бу вирусга қарши кураш ўз натижасини беради ва унга чек қўйилишига ишончимиз комил.

  Ўзбекистон электр энергетика тизимида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ишчи-ходимлар ҳам ўз зиммаларига олган вазифа-мажбуриятларни сидқидилдан бажариши — саноат корхоналари, аҳоли ва ижтимоий объектларни сифатли электр энергияси билан узлуксиз таъминлашга хизмат қилади ва бу, ўз ўрнида, юртимизга кириб келган юқумли касаллик карантинида унга қарши курашишга ёрдам беради.

Улуғбек Урунов, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси

>