Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги ПҚ-4249-сонли қарорида белгилаб берилган вазифаларни бажариш мақсадида «Ўзбекистон МЭТ» АЖ маъмурияти Жаҳон банки иштирокида халқаро эксперт, Грузия фуқароси Сулхан Зумбуридзени «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг маслаҳатчиси сифатида қисқа муддатли иш фаолиятига жалб қилган эди.
Яқинда халқаро эксперт, бошқаруви раисининг маслаҳатчиси Сулхан Зумбуридзе «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти марказий аппарати ходимларига ўзининг хулосаларига таянган тавсиялар тақдимотини ўтказди.
Ташкилот фаолиятини ўрганиш натижаларига кўра халқаро эксперт бешта муҳим йўналиши бўйича ўз таклиларини билдирди:
Тарифлар методологияси. Айни пайтда мавжуд тарифлар методологияси электр тармоқларига инвестициялар жалб қилиниш жараёни учун етарли даражада мукаммал эмас, ушбу методологияни такомиллаштириш жалб қилинган инвестициялар самарадорлиги, яъни инвестор киритган капиталнинг даромадли бўлишини таъминлайди;
Ташкилий тузилма. «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг ташкилий тузилмаси юқори самарадорликка эришиш учун янада такомиллаштиришни талаб этади;
Тармоқни ривожлантиришнинг ўн йиллик режаси. Мавжуд стратегик ривожланиш режасида лойиҳаларнинг экологик, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатлари алоҳида ҳисобга олиниши мақсадга мувофиқ. Режада, шу билан бирга, қисқа туташувлар таҳлили, динамик барқарорлик таҳлили, гармоник таҳлил, қўшни давлатлар билан электр энергия таъминотидаги ҳамкорлик шартлари, янги технологиялар ва қайта тикланадиган энергия манбаларининг умумий тизимдаги салмоғини ошириш имкониятлари муҳим аҳамиятга эга эканлиги алоҳида қайд этилиши лозим;
Энергияни бошқариш тизими (ЭБТ). Ҳозирги босқичда энергияни бошқариш тизимидан (ЭБТ) фойдаланилмайди. Мазкур инновацион дастурда энергия маълумотларини таҳлил қилиш, географик жиҳатдан тақсимланган узатиш ва ишлаб чиқариш активларининг вақт бирлигида энергия сарфини (технологик сарфларни) кузатишга ёрдам берадиган воситалар тўплами мавжуд. Ташкилот келгусида замонавий бошқариш тизимларини жорий этиши мақсадга мувофиқ;
Энергия бозори. Энергия бозорини ташкил этиш бўйича навбатдаги босқич чоралари кўрилиши лозим. Жумладан: монополия шаклларини аниқлаш ва ажратиш; харажатларини акс эттирувчи тарифларни қабул қилиш; тартибга солувчи ва назорат қилувчи органлар фаолиятини алоҳида шаклларга ўтказиш; нархларни тартибга солиш тамойилларига аниқлик киритиш; талаб ва таклифга мос келадиган платформани жорий этиш; очиқ бозор стратегиясини ишлаб чиқиш.
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти янада ривожлантириш мақсадида халқаро эксперт: тарифлар методологиясини ишлаб чиқди; компаниянинг марказий аппарати тузилмасини такомиллаштириш, республикада электр энергияси бозорини ислоҳ қилиш, Энергияни бошқариш тизимини (ЭБТ) жорий этиш, магистрал электр тармоқларини ривожлантиришнинг ўн йиллик тараққиёт режасини ишлаб чиқиш бўйича зарур тавсияларни берди.
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ Ахборот хизмати
Каналга аъзо бўлинг! t.me/uzmetaxborotxizmati