Янгиликлар
ДИЛШОД САИДЖАНОВ: «ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ВА ТАШКИЛОТЛАРИ ФАОЛИЯТИ ОЧИҚЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШДА АХБОРОТ ХИЗМАТЛАРИ ФАОЛИЯТИ МУҲИМ АҲАМИЯТ КАСБ ЭТМОҚДА
  • 25.02.2020
  • 821

  Бундан бир неча ҳафта муқаддам Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан Буюк Британия ҳукумати ҳамкорлигида мамлакатимиздаги вазирлик ва идораларда меҳнат фаолиятини олиб бораётган матбуот котиблари тажрибасини оширишга қаратилган амалий семинар ва давра суҳбатлари ташкил этилган эди.

  Кеча, 2020 йил 24 февраль куни Агентлик биносида ушбу семинарда фаол иштирок этган тингловчилар — матбуот котибларига сертификат ёрлиқларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджанов, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тимоти Торлот, АОКА масъул ходимлари ҳамда бир қатор ташкилот ва идораларнинг ахборот хизмати раҳбарлари иштирок этишди.

  Тадбирда Ўзбекистонда ахборот сиёсатини тизимли равишда ташкил этиш ҳамда юритиш бўйича изчил саъйи-ҳаракатлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Бошқа вазирлик ва идоралар каби Энергетика вазирлиги матбуот хизмати ҳам алоҳида тилга олинди.

 – Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган оммавий ахборот воситалари фаолиятини эркинлаштириш, журналистларнинг жамият ҳаётида тутган ўрни ва нуфузини ошириш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотларни амалга оширишда Ахборот хизматлари фаолияти муҳим аҳамиятга эга, – деди Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджанов. – Очиғини айтганда, АОКА ташкил этилгунга қадар ахборот майдонида давлат органлари ва ташкилотларининг улуши ниҳоятда кам эди. Эълон қилинаётган танқидий материалларга расмий муносабатлар 10-15 фоиз атрофида эди. Бугунги кунда эса ахборот хизматларининг фаолияти кучайганлиги боис танқидий материалларнинг 86 фоизига ўз вақтида расмий муносабат билдириляпти. Бу борада эришилган ютуқларни ҳеч ким инкор эта олмайди.»

– Ахборот хизматлари фаолияти нима учун муҳим? – ўз сўзини давом эттирди  Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджанов. – Чунки оммавий ахборот воситалари ва блогерлар маълум бир соҳани эксперт ёки мутахассис даражасида ёритиб бера олмайди. Ахборот хизматлари эса вазиятни ичдан яхши билгани учун холис ахборотни тақдим этади. Биз ушбу йўналишдаги ишларни янада кучайтирамиз ва изчил давом эттирамиз. Ишончим комилки, ўтган вақт мобайнида Буюк Британия экспертлари билан ўтган семинарларимиз кўзланган натижани берди. Тингловчилар идоралараро коммуникация стратегияси мақсади ва у бизга қандай имконият ярата олиши тўғрисида аниқ тушунча ҳосил қилишди. Бундай ўқув семинарлари Ўзбекистон ахборот хизматларининг салоҳиятини оширишга қаратилган тадбирларнинг бошланишидир.

  Тадбирда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тимоти Торлот сўзга чиқди: «...Ўзбекистондаги фаолиятимда имзолаган энг биринчи ҳужжатларимдан бири — ўтган йилнинг сентябрь ойида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми бўлган эди. Бундан кўзланган мақсад — Агентлик билан ўзаро чуқур ҳамкорлик қилиш ва ҳамкорликни янги чўққиларга олиб чиқишдан иборат. Ахборот хизматларига ўтган беш ой давомида тақдим этилган маълумотлар, машғулотлар ва семинарлар Буюк Британидаги 100 йиллар давомида амалга оширилган тадқиқотларнинг ҳосиласидир. Бу Ўзбекистон ва Буюк Британия ҳукумати ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан биридир. Биз ўз билимларимизни ўзбекистонлик мутахассислар билан ўртоқлашишдан бахтиёрмиз ва бу орқали юртингизда ахборот соҳасидаги ислоҳотларга ҳисса қўша олган бўлсак, бундан хурсандмиз. Сизнинг фаолиятингиз жуда муҳим — чунки ахборот хизмати давлат органи, ОАВ ҳамда халқ ўртасидаги ўзаро кўприк вазифасини бажаради. Қолаверса, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни халққа холис ва тўғри етказишда сизнинг ўрнингиз жуда муҳим. Бу йўлда барчангизга омад тилайман».

  Шунингдек, мазкур тадбирда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси У.П.Уруновга ҳам халқаро тоифадаги сертификат топширилди.

  Тадбир якунида матбуот котиблари Буюк Британиялик мутахассисларга соҳага оид инглиз тажрибаси борасидаги саволлар билан мурожаат қилдилар. Ахборот хизмати раҳбарлари Агентлик ходимларига бундай семинарларни ташкил этганликлари ҳар томонлама фойдали бўлганини эътироф этиб, семинарда маҳорат дарслари ўтган мутахассисларга миннатдорлик изҳор этишди.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Каналга аъзо бўлинг! t.me/uzmetaxborotxizmati

Манба: aoka.uz

>