Мурожаат эгаси: Санжар Юлчиев, Тошкент вилояти
Электрон почта: yulchiev77@mail.ru
Мурожаат мазмуни: Ассалому алайкум! Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, Сойлик қишлоғи, Хондойлик кўчасида кўча ёритиш симёғочлари (таянч устунлари) мавжуд бўлиб, лекин бирортаси ҳам ишламайди (ёритилмайди, носоз). Сизлардан илтимос, шу кўча чироқларини созлатиб берсангиз. Ҳурмат билан Санжар Юлчиев.
Мурожаатга жавоб: Ҳурматли фуқаро, Санжар Юлчиев! Сизнинг uzbekistonmet.uz веб-сайтининг "Мурожаатлар" рукни орқали юборган сўровингиз тегишли тартибда қабул қилинди.
Мурожаатингизга жавоб ўрнида, энг аввало сизга шуни маълум қилишимиз лозимки, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти юқори кучланишли электр тармоқлари ва подстанциялар орқали электр энергиясини узатиш (транспортировка қилиш), 220–500 кВ кучланишли электр тармоғи ва подстанцияларни эксплуатация қилиш, шунингдек, магистрал электр тармоқларида қурилиш-монтаж, модернизация-реконструкция ишларини бажариш, бундан ташқари, электр энергияси импорти ва экспорти масалалари билан шуғулланади.
Қўшимча маълумот сифатида шуни маълум қилишимиз мумкинки, кўча чироқлари ва уларни тутиб турувчи симёғочларга маҳаллий ҳокимият органларининг Ободонлаштириш бошқармалари томонидан сервис хизматлар кўрсатилиши белгиланган.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 10 январь санасида имзоланган “Республика аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида (4-банд) шундай дейилган: “...Шаҳарсозлик ҳамда санитария меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ ободонлаштириш объектларини сақлаш ва улардан фойдаланиш ишларини ўз вақтида ва сифатли бажариш шаҳарлар ва туманлар ободонлаштириш бошқармаларининг асосий вазифалари этиб белгилансин. Уларнинг асосий вазифаларига шу жумладан қуйидагилар киради:
• кўчалар, скверлар, хиёбонлар, ёдгорлик мажмуалари ва умумий фойдаланиладиган бошқа кўкаламзор зоналарни кўкаламзорлаштириш, дов-дарахтларни парвариш қилиш бўйича агротехника тадбирларини ўтказиш, уларнинг зараркунандалари ва касалликларига қарши курашиш;
• йўл-кўприк хўжалигини (кўчалар, йўлаклар қатнов қисмининг йўл қопламаси, бекат кўтармалари, ер ости ўтиш жойлари, кўприклар, транспорт чорраҳалари ва йўл ўтказгичлар, ён бордюрлар, сув чиқариб юбориш тармоқлари ва бошқа сунъий иншоотлар) сақлаш, мукаммал ва жорий таъмирлаш;
• хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини сақлаш, мукаммал ва жорий таъмирлаш;
• дренаж хўжалигини (вертикал ва горизонтал қудуқлар, очиқ ва ёпиқ коллекторлар, сунъий ҳавзалар, ер ости ва ёмғир сувларини ҳайдайдиган насос станциялари) ва фаввораларни сақлаш, мукаммал, жорий таъмирлаш ва улардан фойдаланиш бўйича бошқа ишлар;
• электр энергиясини тежаш мақсадида замонавий асбоб-ускуналар ва технологияларни жорий этган ҳолда йўллар ва кўчаларнинг ташқи ёритиш тармоқларини сақлаш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича бошқа ишлар.
Шаҳарлар ва туманлар ободонлаштириш бошқармалари тўғрисида Намунавий низом ҳужжатида бу ҳақда батафсил тушунтириш берилган.
Манба: https://lex.uz/docs/2117709.
Ҳурматли фуқаро, Санжар Юлчиев, Сиз ушбу мурожаатингиз мазмунини Бўстонлиқ тумани ҳокимиятига йўллашингиз мақсадга мувофиқ.
Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати