Янгиликлар
«БОБУРНОМА»ДА АЛИШЕР НАВОИЙ ҲАҚИДАГИ МАЪЛУМОТЛАР
  • 14.02.2020
  • 1411

     Кўпчиликка маълумки, буюк бобокалонларимиз Мир Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур 42 йил фарқи билан бир-бирига замондош ҳисобланади. «Бобурнома» асарида 1551 кишининг исм-шарифлари тилга олинган. Улар ичида жуда кўп тарихий шахслар — темурий  ҳукмдорлар, ҳарбий амалдорлар, илм-фан ва санъат намояндаларининг таржимаи ҳолларидан қисқа сатрларда, фаолиятлари баёнида зикр этилган.

     Гарчи Бобур Навоий билан учрашмаган бўлса-да, лекин ёшлигидан унинг шахси ва ижодига катта меҳр билан тарбия топган. Бобур туғилган йили Навоий буюк «Ҳамса»ни ёзишга киришган, Самарқанд тахтини эгаллаган 1498 йили эса Навоий «Хазойин-ул маоний» девонини тузган эди.

     Шуниси аҳамиятлики, «Бобурнома» асарида Алишер Навоий номи 16 марта тилга олинади. «Бобурнома»да 1505–1506 йил воқеалари баён қилинар экан, Ҳусайн Байқаро ҳақида маълумот берилаётган ўринларда Алишер Навоий шахсига ҳам тўхталади.

     Жумладан, шундай фикрларни кузатамиз: «Алишербек назири йўқ киши эди. Туркий тил била то шеър айтубтурлар, ҳеч ким онча кўп ва хўп айтгон эмас».

     Бобур Навоийнинг мусиқадан хабардор эканини, ўзи куйлар яратганини қайд этади: «...яна мусиқада яхши нимахор боғлабтур. Яхши нақшлари ва яхши пешравлари бордур».

     Бобур берган маълумотга кўра Навоий шоҳ хазинасидан тўланадиган маошини ҳам олмаган. Ўзи тез-тез шоҳ хазинасига эҳсонлар қилиб турган: «Мирзодин нима олмас, балки йилда мирзоға куллий маблағлар пешкош қилур эди».

     Мумтоз адабиёт тарихидаги бу икки тоғ, бу икки чўққи бўлган Навоий ва Бобур ижоди гўзаллик ва нафосат чўққиси, дея эътироф этилади.

     Манба: http://e-adabiyot.uz

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Каналга аъзо бўлинг! t.me/uzmetaxborotxizmati

>