Янгиликлар
14 ЯНВАРЬ — ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ КУНИ!
  • 14.01.2020
  • 1788

  Бугун, 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни! «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ушбу байрам муносабати билан барча ватандошларимизни табриклайди!

  Она-Ватан тинчлиги, юрт осойишталиги — ҳаётимиз файзи, фаровонлигимиз белги-нишонаси, юртимиз равнақи кафолатининг рамзи ҳисобланади. Тинч ва осуда ўтган ҳар бир кунимизга шукроналар келтиришимиз керак.

  Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида фармони орқали мамлакатимизнинг мудофаа қудрати ва ҳарбий-техник салоҳиятини юксалтириш, давлат хавфсизлиги ва чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, профессионал миллий армияни шакллантириш, ҳарбий хизмат нуфузини оширишдаги катта хизматлари, жамоат тартибини сақлаш, тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги самарали меҳнати, хизмат бурчини бажаришда мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатгани, ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, юқори малака ва маҳоратга эга кадрларни тайёрлаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси учун бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларни орден ва медаллар билан мукофотлади.

  Тарихга назар: 1991 йил 6 сентябрь куни Мудофаа ишлари вазирлиги ташкил этилган эди. 1992 йил 14 январдаги қарорга мувофиқ мамлакатимиз ҳудудида жойлашган барча ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий тасарруфига ўтказилган. Ана шу тарихий кун — 14 январь мамлакатимизда Ватан ҳимоячилари куни сифатида кенг нишонлаб келинмоқда. 1993 йил 29 декабрда 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни деб расман эълон қилинди.

  Биласизми: Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 125-моддасида «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилади. Қуролли Кучларнинг тузилиши ва уларни ташкил этиш қонун билан белгиланади» дейилган. Конституциянинг 126-моддасида эса «Ўзбекистон Республикаси ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли даражада қуролли кучларига эга» дея эътироф этилган.

  Унутманг, азиз ватандош, тинчлик-осойишталикнинг қадри, бу азиз неъматни асраб-авайлашга барча бирдек масъул.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Каналга аъзо бўлинг!  t.me/uzmetaxborotxizmati

>