Қизиқарли хабарлар
ЭЛЕКТР ЁЙИ
  • 20.11.2019
  • 2071

   Электр ёйи — бу модданинг тўртинчи шакли, яъни плазма ҳолатининг махсус кўриниш бўлиб, у ионланган нейтрал газлардан иборат. Эркин электр зарядларининг мавжудлиги электр ёйининг ўтказувчанлигини таъминлайди.

   Унинг ҳосил бўлишини биринчи марта 1802 йилда рус олими В.Петров «4200 дона мис ва рух идишларидан иборат катта қувватлагич иштирокидаги галваник-волтаик тажрибалар ҳақида маълумотлар» (Санкт-Петербург, 1803) китобида тасвирланган.

   Электр туташув  занжири ажратилганда ёки аксинча бир-бирига уланаётган пайтда  электр ёйи шаклидаги электр узилиши ҳодисаси рўй беради. Электр ёйининг пайдо бўлиши учун туташувдаги кучланиш 10 кВ дан юқори бўлиши, ток кучи эса  0,1 ампер ёки ундан юқори бўлиши кифоя. Ҳайратланарлиси шундаки, электр туташув занжири ажратилаётганда ҳосил бўладиган электр ёй ичидаги ҳарорат 3-15 минг даражага етиши мумкин.

   110 кВ ва ундан юқори кучланишларда электр ёйнинг узунлиги бир неча метрга етиши мумкин. Шу сабабли 1 кВ дан юқори кучланишда ҳосил бўладиган электр ёйи анча хатарли, бироқ айрим ҳолларда электр ёйи 1 кВ дан паст кучланишли қурилмаларда ҳам жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.  

   Шунинг учун электр ёйи ҳосил бўлишини мумкин қадар чеклаш, зарурият бўлмаганда аввал электр таъминотини тармоқдан узиб, кейин тузатиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш мақсадга мувофиқ.

   Электр монтёрлар ва муҳандислар электр тармоқларида тузатиш-таъмирлашг ишларини олиб боришаётганда хавфсизлик техникаси қоидаларига тўлиқ амал қилиши ҳамда барча зарур кийим, анжом ва ускуналар билан қуролланган бўлиши лозим.

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

 

 

>